“Умид” жамғармаси битирувчилари бир ойдан сўнг Тошкентда ўтказиладиган “Янгиланаётган Ўзбекистонга янги авлод кадрлари” халқаро анжуманига йиғилади. Анжуман 2020 йилнинг 3-4 январь кунлари ўтказилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси маълумот тарқатди.
Анжуман иштирокчилари “демократик янгиланиш ва мамлакат модернизацияси”, “таълим – ижтимоий тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи”, “иқтисодий ислоҳотлар марказида инвестициявий иқлимни кучайтириш”, “мамлакатни инновацион ривожлантириш стратегияси ва устувор йўналишлари”, “қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни жорий қилиш” каби секцияларда фаолият юритадилар.
Иштирокчиларга ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда тегишли секцияларда фаол иштирок этиб, бу соҳадаги ютуқ ва нуқсонларни кўрсатиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш имкони берилади. Анжуман чоғида берилган таклиф ва танқидий мулоҳазалар кейинроқ тегишли соҳалардаги ҳокимият идораларига тақдим этилади.
Президент Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил сентябрида ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси Каримов даврида фаолият юритган “Умид” жамғармасининг маънавий вориси ўлароқ кўрилади.
Мазкур фонд ёрдами билан 1997 йилдан 2003 йилгача ўзбекистонлик 828 нафар ёш чет эллардаги нуфузли олий таълим даргоҳларида ўқиган. Бу кадрларнинг юртга қайтиб, Ўзбекистон тараққиёти учун хизмат қилиши кутилган. Бироқ хорижда ўқиб, чет эл ҳаёти билан танишган талабалардан бир гуруҳининг Ўзбекистонга қайтишдан бош тортиши "Умид"нинг миссиясини йўққа чиқарган.
Келаси ойдаги анжуманга хорижда яшаб, фаолият юритаётган “умид”чилардан қанчаси келиши ҳозирча маълум эмас.