Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 8 декабрда парламентга “санкцияларга қарши туриш бюджети”, деб аталган лойиҳани тақдим этди.
Тахмин этишича, Россиядан олинажак кўпмиллиард долларлик кредит бу бюджет учун асосий манба бўлади.
Эронда 2020 йил мартида бошланадиган янги йил бюджети лойиҳаси АҚШнинг санкциялар босими кучаяётган пайтда тайёрланди.
Эронда ўтган ойда ёнилғи сарфини камайтириш ва унга бўлган субсидия қисқартилиши сабаб юзага келган норозилик намойишлари шафқатсизларча бостирилди.
Руҳоний ўзи таклиф этаётган бюджет лойиҳасида “нефтга жуда оз даражада қарам бўлиш” кўзда тутилганини айтди.
‒ Келаси йилги бюджет ҳам ҳозиргисига ўхшаш санкцияларга қаршилик кўрсатиш ва тиришқоқлик бюджети бўлади, ‒ деди Руҳоний давлат радиоси орқали эфирга узатилган чиқишида.
Эрон миллий пул бирлиги ва иқтисодиётига АҚШ санкциялари ва бошқа жазо чоралари қаттиқ таъсир кўрсатди.
Президент Доналд Трамп Вашингтонни Эрон билан дунёнинг етакчи давлатлари ўртасида 2015 йилда ядро дастури бўйича эришилган битимдан олиб чиққач, ўша санкциялар қайта жорий этилган эди.
Битимга қўл қўйган бошқа мамлакатлар уни қутқаришга ҳаракат қилмоқда.
Халқаро валюта жамғармаси ҳисоб-китобига кўра, Эрон иқтисодиёти ҳажми жорий йилда 10 фоизча қисқаради. Дастлаб, Эрон президентининг давлат секторида маошлар 15 фоиз оширилишини қандай қоплаши ноаниқлигича қолаётган эди. Лекин у Россиядан 5 миллиард долларлик қарз олмоқчи экани ва музокаралар тугай деб қолганини айтди.
Ўтган ойда Москва Теҳрон энергетика ва инфратузилма лойиҳалари учун 2 миллард долларлик қарз сўрагани ва бу “2015 йилда ваъда берилган 5 миллиард доллар”га етишини айтганди.