Президент Конституция куни муносабати билан 92 фуқарони афв этди

Президент Конституция куни муносабати билан афв этган 92 шахснинг 73 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинади.

19 нафарининг эса қамоқ муддати қисқартирилади.

ЎзА агентлигига кўра, президент Шавкат Мирзиёев «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги фармонни имзолаган.

Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар афв этилади.

Афв этилганларнинг 3 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 3 нафарини аёллар ҳамда 79 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Президент Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган нутқида сўнгги йилларда жиноят содир этган шахсларни афв этиш бўйича 8 та фармон қабул қилингани, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинганини айтди.