Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина Халқаро Олимпия қўмитасининг (ХОҚ) атлетлар комиссияси таркибига номзодлик қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси маълумот тарқатди.
“Азизларим, Сизлар билан ажойиб янгиликни баҳам кўрмоқчиман. Бугун мен ХОҚдан ташкилотнинг атлетлар комиссияси аъзолигига номзодлардан бири эканим ҳақида мактуб олдим. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва ХОҚ номзодимни танлашгани учун уларга миннатдорчилик билдираман”, дея иқтибос келтирилади Чусовитина сўзларидан қўмита хабарномасида.
Қайд этилишича, ХОҚ президенти Томас Бах ушбу ўринга 30 нафар номзод кўриб чиқилаётгани ва Токио Олимпиадаси якунида уларнинг 4 нафари комиссиянинг тўлақонли аъзолигига қабул қилиниши ҳақида маълум қилган. Комиссия аъзолигига қачон қабул қилиниши тўғрисида маълумот берилмаган.
Аввалроқ Оксана Чусовитина 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларидан кейин катта спортдан кетиш ниятида эканини билдирган.
Оксана Чусовитина 1992 йил Барселонадаги Олимпиадада олтин, Пекиндаги Олимпиадада эса кумуш медалларини қўлга киритган.
Шунингдек, жаҳон чемпионатларида 3 мартадан олтин ва кумуш медал, 4 марта бронза медални қўлга киритган Чусовитина Осиё ўйинларининг 2 маротаба чемпиони бўлган.
Оксана Чусовитина гимнастика тарихида еттита Ёзги Олимпиадада иштирок этган ягона спортчидир. Унинг номи Гиннес рекордлар китобига киритилган. 2017 йилда унинг номи Гимнастика халқаро шуҳрат саройидан жой олган.
Оксана Чусовитина "Дўстлик", "Меҳнат шуҳрати" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари билан тақдирланган.