Ўзбекистон Бош прокуратураси 10 декабрь куни Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Gregoire Mangeat (Грегуар Манжа)нинг Ўзбекистонга киришига "рухсат бериш рад этилгани"ни маълум қилди.
Telegram каналида эълон қилинган баëнотда бундай қарорга Манжанинг Ўзбекистон қамоқхоналари ҳақида “бўҳтон” маълумот тарқатгани асос бўлгани айтилади.
“Чет эллик адвокат Г.Манжанинг Швейцария ҳукумати томонидан берилган мандати Г.Каримовага нисбатан Швейцарияда олиб борилаётган жиноят иши билан чегараланган бўлиб, унинг Ўзбекистонга келиши фақатгина Швейцария ҳукуматининг ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги илтимосномаси асосида амалга оширилган эди.
Ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган Г.Манжа бузғунчилик характеридаги ҳаракатларни амалга ошириб, олдиндан ёлғонлиги маълум бўлган Ўзбекистон пенитенциар муассасалари ҳақидаги бўҳтон маълумотларни пиар мақсадида тарқатишда ифодаланган адвокатларнинг умумэътироф этилган этика қоидаларини бузилишига йўл қўйган”¸ дейилади расмий баëнотда.
Мазкур баëнотда Гулнора Каримовага Ўзбекистонда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган Ўзбекистон фуқаролигига эга шахслар унинг оиласи томонидан ëллангани ҳам айтилади.
Грегуар Манжа молиявий жиноятларда айбланганларни ҳимоя қилишга ихтисослашган Швейцариядаги адвокатлик контораси эгаси.
У ўзининг сўнгги твитларида мижози билан учрашувига ҳар хил тўсиқлар бўлаëтгани¸ мижозига қийноқ қўлланилаëтгани¸ Каримова устидан бораëтган маҳкама ва тергов жараëнининг ношаффоф бораëтгани ҳақида ëзиб келаëтган эди.
У шунингдек¸ нафақат Гулнора Каримова¸ балки Зангиота қамоғидаги хотин-қизларнинг аянчли аҳволи¸ уларнинг ҳуқуқий ҳимоясиз қолаëтгани ҳақида ҳам халқаро майдонда хабар тарқатиб келаëтган эди.