Бишкек шаҳар Свердлов туман суди 10 декабрь куни Озодлик қирғиз хизмати¸ унинг мухбири Али Тўхтаохуновга қарашли банк ҳисобларини музлатиш ҳақида қарор чиқарди.
Бундай қарор қирғиз хизмати¸ хусусан¸ Али Тўхтаохуновнинг мамлакат божхона хизматидаги кенг кўламли коррупция ва 700 миллион АҚШ долларидан ошиқ маблағнинг мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилгани ҳақидаги журналистик суриштируви ортидан пайдо бўлди.
Бу суриштирувда Озодлик билан ҳамкорлик қилган Қирғизистондаги Kloop янгиликлар сайтига қарашли банк ҳисоби ҳам музлатиб қўйилди.
Бундай қарорга журналистик суриштирувда номлари тилга олинган шахслар томонидан берилган ариза асос бўлган. Аризачилар Озодлик қирғиз хизмати¸ Али Тўхтаохунов ва Kloop сайтини “ўз шаъни¸ номуси ва бизнес репутациясига зиëн етказганлик”да айблаган.
Аризачилар шунингдек¸ ўзларига етказилган зарарни қоплаш учун жарима ундирилишини ҳам сўраган.
Айни пайтда Қирғизистон Бош прокуратураси Озодлик журналистик суриштирувида келтирилган факт ва маълумотларни текширишни бошлади.
Журналистик суриштирув давомида Қирғизистон Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимов ва бошқа расмийларнинг Хитойда туғилган этник уйғур¸ Қозоғистон ватандоши Ҳабибулла Абдуқодирга қарашли бизнес тармоғи орқали юзлаб миллион долларни ноқонуний йўллар билан хорижга олиб чиққани фош этилди.
Ҳабибулло Абдуқодир ўзбекистонликларга яқинларгача “Абу Сахий”¸ ҳозирда эса “Тошкент савдо маркази” номи билан таниш ширкат асосчисидир.