Эрон бир ҳафтада иккита киберҳужумни даф қилганини айтди

Эрон ҳукуматининг юқори лавозимли амалдори бир ҳафтада мамлакатга қарши иккинчи киберҳужумни “даф этгани”ни маълум қилди.

Эрон телекоммуникация вазири Муҳаммад Жавод Озарий Жаҳромий 15 декабрда Твиттерга қўйган постида тахмин этилаётган ҳужум “аниқлангани ва уни киберхавфсизлик қалқони даф қилгани”ни ёзди. Вазирга кўра, киберҳужумнинг мақсади Эрон давлат разведкасига қарши қаратилган жосуслик амали бўлган.

Унинг фикрича, “жосуслик серверлари қаерда экани аниқланган ва ҳакерлар ҳам қидириб топилган”. Лекин тафсилотларни очиқламади.

Жаҳромий 11 декабрда Эроннинг давлатга қарашли ИРНА расмий ахборот агентлигига“кенг қамровли” ва “бир ҳукумат уюштирган киберҳужум Эроннинг электроника бўйича инфратузилмасини нишонга олгани”ни билдирди.

Вазир тахмин этилган ҳужум тафсилотларига тўхталмади. Фақат у даф қилинганини ва бу ҳақда ахборот берилишини айтиш билан чекланди. 10 декабрда Жаҳромий ҳакерлик амалиётлари Эрон банкларига ва мамлакат банкларининг миллионлаб мижозлари ҳисоб рақамларига қарши уюштирилгани хусусидаги ОАВ хабарларини асоссиз деб атади.

2000 йилларнинг охирида Stuxnet компьютер вируси Эроннинг ядро объектларидаги юзлаб центрифугаларини ишдан чиқаргандан сўнг мамлакат инфратузилмасининг асосий қисми интернетдан узиб қўйилган эди. Кўпчилик ўша вирусни АҚШ билан Исроил бирга ишлаб чиққанига ишонади.

Июнда АҚШ ҳукумати вакиллари мамлакат ҳарбийлари Эрон Форс кўрфазида Қўшма Штатлар дрони уриб туширилгани баҳонасида унинг ҳарбий компьютер тизимларига қарши киберҳужум бошлаганини айтган эди.