Прокуратурадан Фарғона ҳокимига боғлиқ воқеага ҳуқуқий баҳо бериш сўралди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев прокуратурадан Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан боғлиқ навбатдаги шов-шувга ҳуқуқий баҳо беришни сўради.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, депутатнинг бу чақириғи 15 декабрь куни "Демократик дебат" мулоқотида янграган.

"Биз бу бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан Бош прокуратура ҳуқуқий баҳо беришини сўраймиз. Умид қиламизки, улар вазият юзасидан аниқ ҳуқуқий баҳо беради ва тегишли жавобгарлик масаласини керак бўлса кун тартибига олиб чиқади ҳамда жамоатчиликни унинг натижасидан хабардор қилади", дея депутатдан иқтибос келтирди нашр.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга тегишли экани айтилган навбатдаги аудио Озодликка келиб тушди.

2 декабр куни ўтказилган селектор йиғилишида мулозим Қувада газ йўқлигига норозилик билдириб, автомобил йўлини тўсиш воқеасини ижтимоий тармоққа қўйган шахснинг “жанозаси ўқилмагани” учун Қува тумани ҳокимини тергайди.

Озодлик бундан олдин худди шу селектор йиғилишида вилоят ҳокими халқ норозилигини ижтимоий тармоқда хабар ва видео қилиб тарқатаëтганларга нисбатан кескин чора кўришни талаб қилгани ҳақида ёзганди.

Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати​ раҳбари Муҳаммаджон Обидов аудиодаги овоз монтаж қилинган, сохта бўлиши мумкин, деди.

Шу йилнинг сентябрь ойида Шуҳрат Ғаниев Фарғона вилоятида ўз ходимларидан рўмол ва соқолга қарши чора кўришни талаб қилгани қайд этилган аудио тарқалганди. Ўшанда ҳоким Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси томонидан огоҳлантирилган ва унга 3 ой синов муддати берилган. Бу муддат декабрь охирида ниҳоясига етади.

Вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев мажлисларда қўпол чиқишлари билан аввалдан танилган.

Шу йилнинг 2 августида президент Шавкат Мирзиёев ҳам Фарғона вилояти ҳокимини кескин танқид қилган.

Президент видеоселектор йиғилишда Фарғона вилояти ҳокимини “Ғаниев деган валломат”, деб таърифлаб, хиёнатда айблаганди. Президент ҳокимни Риштондаги ноқонуний бузилишлар учун кескин танқид қилган ва у билан “катта ишларни амалга ошириш” имкони йўқлигини айтганди.

Ана шу танқиддан сўнг Фарғона ҳокими Риштон туманига бориб, аҳолидан кечирим сўради. Аммо, орадан ҳеч қанча ўтмай - Мустақиллик байрами арафасида айнан шу ҳокимни президент "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирлади.