Ўзбекистон қонунчилигида туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган нормани бекор қилиш масаласи кўриб чиқилади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов ўзининг Telegram-каналида 16 декабрь куни маълум қилди.
Алламжоновнинг ёзишича, яқинда президент Шавкат Мирзиёев имзолаган Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган қарорда мана шундай кўрсатма берилган.
Бундан ташқари суд тизимида шаффофликни ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадида журналистлар ва фуқароларнинг очиқ суд мажлисларида иштирок этиши, судларнинг веб-сайтлари ва матбуот котиблари ишини яхши ташкил қилиш бўйича Олий суд Пленумининг қарори қабул қилинади.
Шунингдек, давлат органлари муассис бўлган босма ОАВларини кучайтириш, таҳририят ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашни яхшилаш ҳамда босма нашрлар веб-сайтларини ривожлантиришга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Алламжонов «Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилиши ҳамда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритилиши, жумладан, теле- ва радиостанцияларга лицензия бериш жараёни соддалаштирилиши режалаштирилаётганини билдирди.
Унга кўра, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг журналистларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари ёки қарорларидан ҳимоя қилиш тизими кучайтирилади.