Қозоғистоннинг Ақтау шаҳридаги Ўзбекистон бош консулхонаси 2019 йил 14 декабрь куни Самара-Чимкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган ва ичида 54 киши, жумладан 50 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус Ақтўбе вилояти Айтекеби тумани ҳудудида техник носозлик туфайли тўхтаб қолгани тўғрисида ОАВда тарқалган маълумотни тасдиқлади.
Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Бош консулхона маълумотига маълумотига таяниб, Айтекеби туман йўл-патруль хизмати йўловчиларни эвакуация қилиш, уларни иссиқ овқат билан таъминлаш ва автобусни таъмирлашда ёрдам кўрсатгани, автобус эса таъмирдан кейин ҳаракатни давом эттирганини хабар қилди.
ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти яна бир бор Ўзбекистон фуқаролари эътиборини автобусларда ёки автомобиль транспортининг бошқа турларида қишки вақтда Қозоғистонга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий хатарларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлигига қаратган.
14 декабрдагига ўхшаш воқеа ноябрда ҳам содир бўлгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди. 20 ноябрда Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида бузилиб қолган автобусда бўлган Ўзбекистоннинг 55 нафар фуқароси тезкор равишда иссиқ жойга эвакуация қилинган эди.
2018 йилнинг 18 январь куни “Самара-Чимкент” автойўлининг Ақтўбе вилоятидан ўтадиган қисмида автобусда кетаётган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси тириклайин ёниб кетган эди.