Воқеа жойида олиб борилган тезкор қидирув-қутқарув ишлари натижасида олти нафар фуқаронинг жасади тупроқ остидан олиб чиқилди ва уларнинг шахси аниқланди. Қидирув-қутқарув ишлари якунланиб, Комиссия ишининг биринчи фазаси ниҳоясига етди.
Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши қурилишида юз берган фожиа юзасидан баёнотида хабар қилинди.
Вазирликка кўра, айни пайтда Комиссия томонидан ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ҳамда бартараф қилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда, мазкур ҳолатнинг вужудга келишига сабабчи бўлган ва йўл қўйган масъул ташкилот ва шахслар аниқланмоқда. Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш жараёнида шу ва бошқа кўнгилсиз ҳолатлар такрорланишини олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
"Бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар яшаш манзилига етказилди. Пудратчи-қурувчи ташкилотлар томонидан уларнинг оила-аъзолари ва яқинларига 100 миллион сўмлик дастлабки товон пуллари тўлаб берилди. Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка асосан қўшимча компенсация пуллари тўлаб берилади" дейилган вазирлик баёнотида.
Айтилишича, вилоятлар ҳокимликлари ва жамоатчилик вакиллари марҳумларнинг оиласидан хабар олиб, зарур ёрдам кўрсатмоқда.