Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Малайзияда бўлиб ўтаётган исломий анжуманда мусулмон давлатларни АҚШ “гегемониясига“ қарши кураш йўлида ҳамкорликни оширишга чақирди.
Куала-Лумпурда бўлиб ўтаётган анжуман очилиш маросимида Руҳоний АҚШ иқтисодий санкциялардан “гегемония ва зўравонлик“ асбоблари ўлароқ фойдаланаётганини таъкидлади.
Уч кун давом этадиган анжуманда юзлаб одам, жумладан, Туркия ва Малайзия етакчилари иштирок этмоқда. Аммо анжуманга Эроннинг асосий рақиби бўлмиш Саудия Арабистони ҳамда Исломий ҳамкорлик ташкилотининг бошқа аъзоларидан вакил келмади.
- Дунёни АҚШ доллари ҳамда Америка молиявий устуворлигидан халос қилиш керак, - деди Руҳоний.
Эрон президенти, шунингдек, мусулмон давлатларни ўзаро молиявий ва иқтисодий ҳамкорликни оширишга чорлади.
Унинг сўзларига кўра, мусулмон давлатлар ҳамкорликда экстремизм, суст ҳокимият, қашшоқлик ва коррупция каби муаммоларни енга олади. Руҳоний айнан шу муаммолар Сурия, Яман ва Афғонистон каби мусулмон давлатлар суверенитетига таҳдид солаётганини таъкидлади.