20 декабрь куни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Японияга сафар бошлади.
Расмий Токио Эрон билан Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатлар кескинлашгани ортидан улар ўртасида воситачилик қилишга интилмоқда.
Руҳоний қарийб 20 йилдан бери Японияга сафар қилаётган илк Теҳрон раҳбаридир. Ундан олдин Шинзо Абэ Япониянинг 40 йилдан ошиқ вақт мобайнида Эронга сафар қилган илк бош вазири бўлган эди.
Япония Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Токио “Яқин Шарқдаги кескинликни юмшатиш ва вазиятни барқарорлаштириш учун Қўшма Штатлар ва Эрон билан ҳамкорлик борасида дипломатик саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда”.
Бироқ Эрон ҳукумати матбуот котиби Али Робиий президент Руҳоний Токиога сафарининг “Америка билан музокара сингари масалаларга дахли йўқ экани”ни айтди.
Эрон билан Қўшма Штатлар ўртасидаги кескинлик президент Трамп Теҳрон ядровий дастури бўйича 2015 йили тузилган олти томонлама битимдан чиққанини эълон қилиши ортидан кучайиб кетди.
Руҳонийнинг Токио сафари арафасида АҚШ Эронга нисбатан қўшимча санкциялар жорий қилинишини билдирди.
Вашингтон бу қарорига ўтган ойда Теҳрон ва мамлакатнинг 100 дан ошиқ шаҳрида юз берган норозилик намойишларининг шафқатсиз бостирилганини асос қилиб келтирди. Бу намойишлар оқибатида ўнлаб одам ўлдирилди¸ юзлаб одам ҳибсга олинди.
19 декабрь куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео тинч намойишчиларга нисбатан зўравонлик қилаётган¸ уларни қамоққа ташлаётган Эроннинг амалдаги ва собиқ ҳукумат арбобларига нисбатан виза чекловлари қўлланишини айтди.