18 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram тармоғидаги Huquqiy Axborot канали хабар қилди.
Низомга мувофиқ, 2020 йилдан бошлаб ҳокимликлар ҳар йили 1 октябрга қадар иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзор майдонларни рўйхатга олади.
Бу рўйхатга киритилган фермер хўжаликлари¸ ҳукумат низомига кўра¸ “ҳокимнинг яроқсиз деб топилган боғ, токзор ўрнига интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисидаги қарорига асосан олти ой муддатда боғ ва токзорни бузиш ва далани дарахт қолдиқларидан тозалаш ҳамда унинг ўрнига интенсив боғ ва токзор барпо этиш ишларини амалга оширади”.
Ҳоким¸ фермер талабини бажармаган тақдирда¸ “ер участкасини ижарага олиш шартномасини бекор қилиш бўйича судга мурожаат қилади”.
Ҳукуматнинг бу низоми¸ президент Мирзиëев ”Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаганидан бир ҳафта ўтиб пайдо бўлди.
Мустақил мутахассислар ва фермерлар¸ қишлоқ хўжалигида кластер тизимини жорий этишни “ерни хуфëна хусусийлаштириш” жараëни сифатида танқид қилмоқда.