20 декабрь куни Халқаро пресс-клубда ўтказилган мулоқотда қатнашган Ўзбекистонда рўйхатга олинган беш партия етакчилари 18 декабрь куни Юнусобод метроси қурилишида содир бўлган фожиага муносабат билдирди.
Расмий маълумотга кўра¸ Юнусобод метро йўли қурилишида рўй берган ер ўпирилиши оқибатида 6 одам нобуд бўлди.
Маҳаллий матбуот хабарларига кўра¸ партия раҳбарлари бу фожиа муносабати билан ҳукумат идоралари¸ қолаверса¸ ўзларини ҳам танқид қилган.
“Тошкентдаги метро қурилишидаги фожиа шуни кўрсатадики, қурилиш соҳасидаги қоидалар ва стандартлар ишламаяпти. Бу ерда партияларнинг ҳам айби бор. Шошма шошарлик билан йирик биноларни байрамга тўғрилаб қуриб битказиш одатига нуқта қўядиган вақт келди. Асосийси сифат эканлигини унутмайлик”, деб иқтибос келтирди ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитовдан ЎзА.
«Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси эса Алишер Қодиров эса¸ маҳаллий матбуотга кўра¸ “парламентнинг ижро ҳокимияти олдида ўз характерини кўрсата олмагани”нини фожиа сабабларидан бири сифатида келтирган.
«Парламент шу пайтгача ижро ҳокимияти олдида ўзининг журъатли характерини кўрсатиб кела олмаган. Айнан шу сабабли кечагига ўхшаган мусибатли ҳолатлар бўляпти”¸ деб иқтибос келтирди Kun.uz Қодировдан.
Ўз чиқишида Қодиров¸ парламент ижроия ҳокимияти фаолиятини назорат қилиш ваколатидан фойдаланиши лозимлигини таъкидлаган.