“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати 2020 йил баҳоридан Озарбайжон ва Грузияга транзит поездлари қатновини амалга оширишни режаламоқда.
Бундай келишувга, ЎТЙ матбуот хизмати маълумотига кўра,19-20 декабр кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон темир йўллари раҳбарларининг учрашувида эришилган.
Учрашув иштирокчилари Осиё-Тинч океани мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Европа" халқаро мультимодал маршрутини ривожлантириш бўйича мазкур тадбирнинг аҳамияти, контейнер поездларини жадаллик билан ўтказиш ва ягона тарифларни қўллаш бўйича ягона ёндашувларни ишлаб чиқиш юзасидан ягона фикрга келганлар.
“Бу эса нафақат Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари ўртасида, балки Европа ва Осиё қитъасининг бошқа давлатлари билан савдо ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини беради.
Шу муносабат билан томонлар юк ҳажмларини ўзаро кўпайтириш ва маршрутни ривожлантириш бўйича келишилган чора-тадбирларни қабул қилишга келишиб олдилар”, дейилади ширкат хабарномасида.