Ўзбекистонда бундан буён оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш учун тўғридан-тўғри Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига (АОКА) мурожаат қилиш шарт эмас. Эндиликда ОАВни давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатдан ўтказиш мумкин. Бу ҳақда АОКА матбуот хизмати Вазирлар Маҳкамаси қарорига таянган ҳолда маълум қилади.
Янги тартибга мувофиқ, рўйхатдан ўтиш учун аризачи давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига (my.gov.uz) мурожаат қилиб, анкета тўлдириши ва унга таҳририят низоми (агар ОАВ таҳририяти юридик шахс бўлмаса) ҳамда муассислик шартномаси (агар таъсисчилар сони икки ёки ундан ортиқ бўлса) нусхасини илова қилиши лозим. Агар аризачи учинчи шахс бўлса, анкетага ишончноманинг электрон нусхаси илова қилинади.
Агентлик оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказишга бундан буён ўн беш кун кетишини ҳам қўшимча қилган. Аввал бу иш учун 30 кун кутиш керак бўларди.