“Буюк келажак” экспертлар кенгашининг 4 аъзоси ташкилотдан кетишга қарор қилди. Улар орасида кенгаш раиси Алишер Калонов, ташкилот мувофиқлаштирувчи кенгаши аъзолари Собир Шодиев, Шерзод Юсупов ва Баҳром Исмоиловлар бор. Бу маълумотни Фарғона ахборот агентлигига ташкилот ҳаммуассисларидан бири Баҳром Исмоилов тасдиқлаган.
Бу “Буюк келажак”ни тарк этган аъзоларнинг иккинчи гуруҳидир. Улар ташкилотдан чиқиш сабабларини очиқламаганлар. Биринчи гуруҳ (10 киши) кенгашни шу йил сентябрида тарк этганди. Ўшанда улар ўз қарорларини ташкилотда ўзларига нисбатан ҳурматсизлик қилиниб келгани билан изоҳлаганлар.
"Буюк Келажак" расмий сайтида Экспертлар кенгашининг асосий мақсадлари қаторида Ўзбекистон президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмаклашиш экани белгиланганини кўриш мумкин.
"Буюк Келажак" Экспертлар кенгашига ушбу мақсадларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожланиш моделини тайёрлаш топширилгани ҳам айтилади.
Бу ташкилотнинг асосий ҳомийлари қаторида Фаттоҳ Шодиев Халқаро жамғармаси кўрилади.