Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги такомиллашгани ва сўз эркинлигига ҳурмат ошгани қувонарли ҳолат, бироқ бу мухолиф сиёсий партияларнинг мавжуд эмаслиги, фундаментал ҳуқуқлар борасида давом этаётган эътиборсизликлар ва сайлов кунидаги айрим жиддий қоидабузарликлар ўрнини қоплай олмади, - дейди халқаро кузатувчилар 23 декабрда эълон қилинган парламент сайловлари борасидаги дастлабки баёнотда.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) ва ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг (ЕХҲТ ПА) биргаликдаги сайловларни кузатиш миссиясининг хулосасига кўра, сайлов қонунчилигидаги сўнгги ўзгартиришлар уни барча ЕХҲТ мамлакатлари ўз зиммасига олган халқаро меъёрларга яқинлаштирган. Шу билан бирга, демократик сайловлар учун муҳим бўлган фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларга доир қонунчиликда ҳанузгача ҳаддан зиёд чекловлар мавжуд. Эркин уюшиш борасидаги асосий ҳуқуқ, шу жумладан сиёсий партия тузиш ҳуқуқи чекланганлигича қолмоқда.
“Муҳим довондан ўтилди, эски одатлар – жумладан сайлов кунидагилари ҳам – янада кўпроқ иш қолганини намойиш қилмоқда,” - дейди Георгий Церетели, ушбу сайловларда ЕХҲТнинг махсус мувофиқлаштирувчиси ва ЕХҲТ қисқа муддатли кузатувчилар миссиясининг етакчиси. “Ўзбекистон раҳбарияти амалга ошираётган кенг кўлламли ислоҳотлар бу сайловларга амалий ва тўғридан-тўғри таъсир кўрсатди, лекин демократик тараққиёт жадал рақобатни ва асосий инсон ҳуқуқлари, эркинликларига ҳурматни тақозо этади. Бу жараённи қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрмиз”.
22 декабрда Ўзбекистонда ўтказилган парламент сайловини кузатиш халқаро миссиясида 37 давлатдан 316 нафар кузатувчи, шунингдек, 271 нафар ДИИҲБ кузатувчилари ва ЕХҲТ ПА 45 нафар парламент аъзоси ва ходимлари иштирок этди.