“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Юнусобод йўналишидаги янги метро бекатлари 28 декабрь куни фойдаланишга топширилмаслигини билдирди.
ЎТЙ ахборот-таҳлилий медиа маркази маълумотига кўра, қурилиш объектлари қурилиш меъёрлари ва техник талабларга биноан лойиҳани амалга ошириш графигига мувофиқ равишда фойдаланишга топширилади, аммо жорий йилнинг 28 декабрида эмас.
Қурилиш ҳудудида техниканинг кўпайганини эса ЎТЙ ишни ёғингарчиликсиз кунларда тўғри ташкил қилиш билан изоҳлаган.
Аввалроқ метро қурилишига алоқадор манбалар Озодликка Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмини тугатиш 28 декабрга белгилангани, бу санага улгуриш учун масъуллар шоша-пиша ҳаракат қилишаётганини маълум қилгандилар.
Эслатиб ўтамиз, 18 декабрь куни Тошкент метроси Юнусобод йўлининг Туркистон бекати қурилаётган ҳудудда ер ўпирилиши юз берган. Фожиа чоғида, расмий маълумотларга кўра, 6 киши нобуд бўлган.