Туркманистонда “қора бозор”дан валюта олган мижозлар тутиб кетилмоқда

Иллюстратив сурат.

Лебап вилоятининг Туркманобод шаҳри ҳамда Керки ва Хўжамбаз туманларида расмийлар “қора бозор”да валюта алмаштираётган кишиларга жарима солиб, пулларини тортиб олишни бошлаган.

Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, маҳаллий аҳоли “қора бозор” саррофларига Миллий хавфсизлик ва Ички ишлар вазирликлари ходимлари ҳомийлик қилиши, шунинг учун кураш саррофларга қарши эмас, балки уларнинг мижозларига қарши олиб борилаётганини айтмоқда.

АҚШ валютаси Туркманистонда катта аҳамиятга эга: бу ерда пора ҳам долларда берилади, омонатлар долларда сақланади, расман тақиқланган бўлишига қарамай, хориждан келтирилган товарлар ҳам долларда сотилади. Айни пайтда валютани расмий курс бўйича (бир доллар учун 3,5 манат) сотиб олиш деярли имконсиз. Саррофлар курси 18 манатнинг тепасида.

Туркманистон Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексига мувофиқ, чет эл валютасини ноқонуний сотиш ёки сотиб олишга уринган шахс қўлга тушгудек бўлса, у алмаштирмоқчи бўлган пул давлат фойдасига мусодара қилинади ва унга 1500 манатдан 2500 манатгача жарима солинади. Бу иш такроран содир этилган тақдирда жарима миқдори 5000 манатгача ошиши мумкин.

2016 йилдан бери Туркманистонда жисмоний шахслар учун валюта алмаштириш тақиқланган, юридик шахслар учун ҳам конвертация жуда қийинлаштирилган.