Президент Сўўрўнбай Жээнбеков 25 декабрда Бишкекда ўтказган йиллик матбуот анжуманида божхона тизимида коррупцияга қарши кураш ва Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимов тилга олинган журналистик суриштирувга муносабати борасида Озодлик радиоси қирғиз хизмати саволига жавоб бераркан, бундай деди:
"Божхона тизимида нафақат бизда, балки бутун дунёда катта пуллар айланади, қаердаки йирик пуллар бор экан, ўша ерда коррупция бўлади. Бизда ҳам бор. Мен у йўқ дея олмайман. Мен у ерда коррупция борлигини биламан. 90-йиллардан бошлаб бу жой коррупционерлар уясига айланди. Ҳар бир президентнинг ўз ҳамёни бор эди. Менинг мақсадим Божхона ва Солиқдаги бу каби ҳамёнларни йўқотишдан иборат. Райим – коррупционер дейсиз. 90-йиллардан бошлаб Божхонада бу каби Райимлар юзлаб бўлган. Сиз оддий божхоначини кўрганмисиз? Уларнинг ҳаммаси бир-биридан бой", - деди президент.
Унинг қўшимча қилишича, «политтехнологлар Матраимовни коррупция рамзига айлантиришди ва уни Жээнбековлар билан боғлашга уринишмоқда». Давлат раҳбарининг айтишича, Матраимов мансабдан Жээнбеков президент бўлишидан аввал бўшаган.
21 ноябрь ва 4 декабрь кунлари «Азаттиқ» радиосининг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш Маркази (OCCRP) ва Kloop.kg сайти билан ўтказилган суриштируви асосида «Қашшоқ мамлакатдан қандай қилиб юз миллионлар олиб чиқилди» ва «Яширин курьерлар. Миллионлаб долларлар қандай қилиб Қирғизистондан олиб чиқилди» деб номланган мақолалар эълон қилинди. Суриштирувда йиллар мобайнида Қирғизистондан ноқонуний равишда миллионлаб долларлар олиб чиқилгани, яширин пуллар коррупциянинг ривожланишига сабаб бўлгани, давлат хазинасига зарар етказгани ва ҳатто одамларнинг ўлдирилишга сабаб бўлгани таъкидланади. Суриштирув материалларида Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовнинг алоқаси борлиги аниқлангани айтилган.