Такрорий овоз бериш ўтказиладиган округлар сони 3 тага кўпайиб, 25 та бўлди

22 декабрда ўтказилган парламент сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилинганидан кейинги ўрганишлар натижасида 3 та сайлов округида иккинчи тур ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинган, бу округлардан иккитаси Фарғона (102-Яйпан ва 106-Бағдод сайлов округлари), биттаси Самарқанд (67-Пастдарғом сайлов округи) вилоятидаги округлардир.

Бу ҳақда 25 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида маълум қилингани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди.

​23 декабрь куни МСК номзодларнинг бирортаси 50 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмаган 22 та сайлов округида 2 ҳафтадан кейин такрорий овоз бериш ўтказилишини маълум қилганди.

Шундай қилиб, овоз беришнинг биринчи тури бўйича, партияларнинг парламентдан эгаллайдиган жойлари миқдори қуйидагича:

1. ЎзЛиДеП - 42 (-1) (34 фоиз)
2. «Миллий тикланиш» - 34 (-1) (27 фоиз)
3. «Адолат» СДП - 20 (-1) (16 фоиз)
4. Халқ демократик партияси - 18 (14 фоиз)
5. Экология партияси - 11 (9 фоиз)

Сайлов кодексининг 59-моддасига кўра, агар Қонунчилик палатаси сайловида сайлов округи бўйича икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан ҳеч бири сайланмаса, энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз бериш ўтказилади.