Сайловнинг иккинчи босқичи 5 январь куни ўтказилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда парламент сайловининг иккинчи босқичи 2020 йил 5 январига белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси матбуот маркази маълумот тарқатди.

Депутат сайланмай қолган 25 та сайлов округида такрорий овоз беришни 5 январда ўтказиш қарорини МСК 25 декабрь куни ўтказилган мажлисида қабул қилган.

Мазкур округларда номзодлардан ҳеч қайсиси биринчи босқичда 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмаган. Сайлов кодексига кўра, такрорий овоз беришда энг кўп овоз олган номзод ғолиб ҳисобланади, яъни унга сайловчиларнинг қанча фоизи овоз бергани бу гал аҳамиятга эга бўлмайди.

Ўзбекистонда 22 декабрь куни парламент сайловининг биринчи босқичи ўтказилган. Унда парламент қуйи палатасидаги 150 ўрин учун беш партиядан 750 номзод даъвогар бўлган.