Алексей Навальнийнинг қўлга олингани ҳақда 26 декабрь куни унинг матбуот котиби маълум қилди.
Шу куни полиция Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармасининг Москвадаги офисини тинтув қилган. Тармоқда тарқаган видеоларда полиция ходимлари жамғарма эшикларини бузиб киргани акс этган.
Кремлнинг ашаддий танқидчиси Навальний бу сафар нима сабабга кўра қўлга олингани ҳозирча номаълум.
23 декабрь куни Коррупцияга қарши кураш жамғармасининг лойиҳа менежери мажбуран ҳарбий хизматга олиб кетилгани хабар қилинган эди.
23 ёшдаги Руслан Шаведдинов Москвада қўлга олинган ва пойтахтдан 5600 км масофада жойлашган Новая Земля архипелагига юборилган.
Навальний Шаведдиновнинг мажбуран олиб кетилишида президент Владимир Путинни айблади.
Алексей Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси юқори лавозимли давлат амалдорлари, хусусан, ҳукумат раиси Дмитрий Медведевнинг мол-мулки тўғрисида суриштирувлар ўтказиб, натижаларини жамоатчиликка эълон қилган. Навальний бир неча марта турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.