Халқ Демократик партияси лидери Улуғбек Иноятов “Миллий тикланиш” партияси лидери Алишер Қодировни популизмда айблади.
"Алишер Келдиевичнинг депутат сифатида сайлана олмаганининг асосий сабаби бу унинг популистлиги бўлди. Сайлов кампанияси давомида ҳам унинг раҳбарлиги остидаги партия фақат популизм билан шуғулланди", деди У. Иноятов 26 декабрь куни Халқаро пресс-клубда партия лидерлари билан парламент сайловининг дастлабки натижаларига бағишлаб ўтказилган жонли эфир чоғида.
Бунга жавобан А. Қодиров “популизм – халққа хизмат қилиш” эканини айтди.
“Сайлов кампанияси давомида партиямизнинг умумий дастурлари ташвиқотига катта куч сарфлаган эканман-у, ўз участкамда фаол ташвиқот ишларини олиб бормаган эканман. Очиғи, натижадан хафа бўлмадим. Чунки биринчи ўринни олган ЎзЛиДеп билан бизнинг партиямиз орасида катта фарқ йўқ ва бизнинг партиямиз парламентда биринчи ўринни ҳам олиши мумкин. Демак, менинг иккинчи босқичга қолганим яхшиликка хизмат қилади", деди “Миллий тикланиш” партияси лидери.
Парламент сайловининг 22 декабрь куни бўлиб ўтган биринчи босқичида “Миллий тикланиш” партиясидан депутатликка 34 номзод сайланган. Улар орасида партия лидери йўқ.