“Аҳмадбой”нинг мулклари кимошдига сотилади

“Аҳмадбой” номи билан танилган Аҳмад Турсунбоевга тегишли бўлган 10 та мулк Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази томонидан аукционга қўйилди. Улардан 3 таси кўчмас мулк объекти, 7 таси эса автомашиналардир.

Сотувга қўйилган автотранспорт воситалари ичида бошланғич нархи қарийб 1 миллиард сўм қилиб белгиланган Cadillac Escalade ҳам бор.

Аввалроқ Озодлик фирибгарлик, ноқонуний молиявий пирамида ташкил этиш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилиб, жавобгарликка тортилган чинозлик Аҳмад Турсунбоевга тегишли 29 та кўчмас мулк ва 8 та автомобиль хатланиб, уларни аукционда сотиш устида иш олиб борилаётгани ҳақида хабар қилганди.

“Аҳмадбой иши” доирасида 11 минг 710 киши жабрланувчи деб эътироф этилган, етказилган зарар миқдори эса 386 миллиард сўмдан кўпроқни (тақрибан $40,5 млн) ташкил қилади.