Тожикистонда томошабинларни алдаганлик ҳодисаси бўйича тергов бошланди. 25 декабрь куни Юлдуз Усмонова иштирокидаги концертга келган томошабинлар унинг ўрнига ўзбек хонандасининг ҳаракатларига тақлид қилувчи кишини учратишган.
Истаравшан ички ишлар бўлими терговчилари концерт ташкилотчиларини сўроқ қилди ва бир киши қўлга олди.
Мазкур концерт ўтган ҳафта Истаравшандаги “Садбарг” ресторанида бўлиб ўтганди. Концертга келганлар қўшиқ куйлаётган кишининг Юлдуз Усмонова эмаслигини пайқаб қолишган. Хабарларга кўра, сохта Юлдуз Усмонованинг концерти учун нархи 350 сомоний (35 долларга яқин) бўлган чипталарни 100 дан ортиқ киши харид қилган.
Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Акбар Шарифов Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда тергов доирасида бир неча киши сўроқ қилинганини маълум қилган.
Улар орасида концерт ташкилотчиларидан бири Шерзод ҳам бор.
“Мени ва концертнинг бошқа ташкилотчиси Жамшедни Истаравшан ИИБга таклиф қилишди ва сўроқ қилишди. Сўроқдан сўнг мени қўйиб юборишди, Жамшед эса – унинг ҳақиқий исми Саиджон Ғаниев – ушланди”, деди Шерзод.
Шерзодга кўра, у зални безаш ва тожик хонандаси Хуршед Мўминжонни таклиф қилиш билан шуғулланган.
“Саиджон Ғаниев Юлдуз Усмоновани олиб келиш учун Тошкентга боришини айтди. Бироқ у мутлақо бошқа одамни олиб келди”, дейди у.
Концерт ташкилотчиларига қандай жазо берилиши, алданган томошабинларга чипта пули қайтарилиш-қайтарилмаслиги ҳозирча номаълум.
Айни пайтда сохта Юлдуз Усмонова аёл эмаслиги аниқланди – “Садбарг” ресторанида ўзбек хонандаси қўшиқларини пародиячи Рустамхўжа Усмонов ижро этган. Ўзининг "Инстаграм"даги саҳифасида пародиячи Истаравшандаги кечага таклиф қилган қандайдир Жамшиднинг фирибига алданиб қолганини таъкидлаган.