Юқори синф ўқувчиларига фан танлаш имконияти берилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистондаги ўрта мактабларнинг 10-11-синфларида учинчи чоракдан бошлаб фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитила бошланади. Тажриба синов 2019-2020 ўқув йили якунига қадар ўтказилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик матбуот котиби Анвар Умаровга кўра, янги тизим ўқувчиларга мактабнинг ўзида олий таълим муассасасига кириш имтиҳонига тайёрланиши учун имконият яратиб, репетиторга эҳтиёжини камайтиради. Шунингдек, ўқувчиларнинг вақти тежалади. Натижада ота-оналарнинг репетиторга сарфлаётган маблағи тежалиб, кам таъминланган оила фарзандлари учун ҳам OTMга бепул тайёргарлик кўришга имкон яратилади.

Вазирлик танлов синфини ташкил этиш учун беш йўналиш - хорижий тил ва филология йўналиши, молия – иқтисод йўналиши, технология йўналиши, табиий фанлар йўналиши ва ижтимоий-гуманитар йўналиш кабиларни таклиф этган.

“Вариатив ўқув режаларининг жорий этилиши натижасида 10- ва 11-синфларда ўқувчилар ўқийдиган мажбурий фанлар сони 15 тадан 8 тага камаяди. Мазкур ўқув режасини тажриба-синовдан ўтказиш жараёнида она тили ва адабиёти, ўзбек тили/рус тили, чет тили, тарих, математика, информатика, маънавият асослари (тарбия), жисмоний тарбия фанлари мажбурий ўқитилади. Мазкур мажбурий фанларга ажратилган соатларнинг миқдори таянч ўқув режада белгиланган миқдордан (10-синфда жами 19 соатдан, 11-синфда 19,5 соатдан) кам бўлмаслиги лозим”, дейилади хабарномада.