Эрон армияси етакчилари Вашингтонни Теҳронга ҳарбий чоралар билан таҳдид солавермаслик ҳақида огоҳлантирди.
Аввалроқ Ироқда АҚШга қарши намойишлар бошланиши ортидан АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳрон жавобгарликка тортилишини айтган эди.
2 январь куни Эрон Инқилобий гвардияси етакчиси, бригада генерал Ҳусайн Саламий:
- Мамлакатни урушга етаклаётганимиз йўқ, лекин биз ҳеч қанақа урушдан қўрқмаймиз. Американи эса Эрон халқига муносиб муомала қилишга чақирамиз, - деди.
- Уларни бир неча мартда ер тишлатишга қодирмиз, шундай экан хавотирда эмасмиз, - дея қўшимча қилди генерал.
Армия етакчиси, генерал-майор Абдулраҳим Мусавий эса мамлакат ҳарбий кучлари “душман” билан жангга тайёр эканлигини таъкидлади.
31 декабрь куни АҚШ ҳарбийлари Эрон қўллаб келаётган шиа жангариларга ҳаводан зарба берганидан ғазабланган норозилар Бағдоддаги АҚШ элчихонасига ҳужум қилди. Тартибсизликлар 1 январгача давом этди.