Москвада ишлайдиган муҳожирлар учун патент нархи 350 рублга қимматлади

Иллюстратив сурат.

Москва шаҳри ҳудудида хорижликларга ишлаш ҳуқуқини берувчи патент 7 фоизга қимматлади.

Бунга оид тузатишлар солиқ қонунчилигига, Интерфакс агентлигининг хабар қилишича, Москва думаси томонидан киритилган. Эндиликда хорижлик ишчилар патент учун 2019 йилда бўлгани каби 5000 рубль ($81) эмас, балки 5350 рубль ($87) тўлашлари лозим бўлади.

2018 йили патент нархи 4500 рубль ($73) бўлган.

Ўзбекистонликлар худди Украина, Молдова, Озарбайжон ва Тожикистон ватандошлари каби Москва ҳудудида 2015 йилдан бери иш учун патент олиб келишади.

Москва иқтисодий сиёсат ва ривожланиш департаменти маълумотига кўра, 2019 йили хорижликлар олган патентдан бюджетга тушган маблағ миқдори 18 млрд рублга ($292 млн) етган. Ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталаригача 427 минг киши бу каби ҳужжат олган.