Эрондаги Инқилоб посбонларининг хорижий давлатлар ҳудудидаги махсус амалиётлар учун масъул бўлган “Қудс” сара кучлар бўлинмаси раҳбари генерал Қосим Сулаймоний 3 январь куни Бағдод аэропортига берилган ҳаво зарбаси натижасида ҳалок бўлди.
Бу ҳақда биринчи бўлиб Ироқ давлат телевидениеси хабар тарқатди.
Пентагон вакили бунинг АҚШ президенти Дональд Трамп буйруғига кўра ўтказилган ҳарбий амалиёт бўлганини тасдиқлади.
Сулаймоний билан биргаликда Эрон томонидан дастакланаётган қуролли гуруҳ бўлмиш Халқ сафарбарлиги кучлари қўмондонининг ўринбосари Абу Маҳдий ал-Муҳандис ҳам ўлдирилган. Associated Press агентлиги манбасига кўра, ҳаво зарбаси Ливан ёки Суриядан келган ва ичида Сулаймоний бўлган учоқ Бағдодга қўнганидан кейин амалга оширилган. Мазкур ҳодисадан бир неча соат муқаддам Бағдод аэропорти ракеталар зарбасига нишон бўлганди.
Сулаймоний Инқилоб посбонлари корпуси ва Эрон ҳарбий тузилмаларининг энг қудратли шахсларидан бири бўлиб ҳисобланган.
Бағдод аэропортига ҳужум Ироқдаги АҚШ қўшинлари ва эронпараст қуролли гуруҳлар ўртасидаги муносабат ўта кескинлашгани қабатида амалга оширилган.