ЙПХ ходимлари хизматни мобил камерадан фойдаланган ҳолда ўташни бошлади

Иллюстратив сурат

1 январдан Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг барча ЙПХ ходимлари хизматни мобил камерадан фойдаланган ҳолда ўташни бошлади. Хизматга жалб этилаётган барча ходимлар мобил камерадан фойдаланган ҳолда хизмат ўтайдилар. ЙПХ ходимининг мобил камерасиз хизмат ўташига йўл қўйилмайди.

Бу ҳақда хабар қилган ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати ҳайдовчиларга мурожаат қилиб, бундай ёзди:

"ЙПХ ходими Сизни тўхтатиб мулоқотга киришганда, мазкур мулоқот мобил камерага ёзиб олинишини, келгусида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этсангиз, айбингизни исботлаш учун видеоёзувдан фойдаланилиши мумкинлигини эслатиб ўтамиз".

ЙПХ ходимлари хизматни мобил камерадан фойдаланган ҳолда ўташ тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги қарори билан тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги низомга биноан киритилган.