Зойир Мирзаев қўйларни сўйишни буюргани инкор этилди

Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев (ўртада) 2019 йил, 29 октябрь.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати вилоят ҳокими Зойир Мирзаев далани пайҳон қилган қўйларни сўйишни буюрганини инкор этди.

Ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов билан телефон орқали мулоқот ўтказганини, "Зойир Мирзаев ҳолатга қонун доирасида иш кўрилиши кераклиги ҳақида топшириқ бергани Арипов томонидан таъкидланган"ини хабар қилди.

2 январь куни ижтимоий тармоқларда «Қашқадарё ҳокими далани пайҳон қилган қўйларни сўйишни буюрди» сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалган эди.

Вилоят прокуратурасининг бу видеолавҳа юзасидан 3 январда эълон қилган баёнотида бундай дейилган:

"Мазкур видеолавҳада вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов, Нишон тумани ИИБ бошлиғи Дилшод Умаров, Ибн Сино ҳудудидаги “Отамурод ота” фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Бобоназаров ҳамда далани пайҳон қилган 21 бош қўй эгаси Абдурашид Азаматов иштирокида вилоят ҳокими топшириғига кўра, ғалла майдонини пайхон қилингани учун фермер хўжалиги раҳбари ва пайхон қилган қўй эгасига тегишли 1 тадан (жами 2 бош) қўйни сўйиб, кам таъминланган оилаларга тарқатилиши ҳолати акс эттирилган.

Мазкур ҳолат Нишон тумани прокуратурасининг “Шакл-1” китобига рўйхатга олиниб, тегишли тартибда хизмат текшируви тайинланган бўлиб, тарқатилган видеолавҳанинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда.
Ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, қонуний қарор қабул қилиниши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган".

Бош вазирнинг ўринбосари лавозимида ишлаб турган пайтда Зойир Мирзаев, Тошкент вилоят Оққўрғон туманида олти киши - туман ҳокимлигининг уч мулозими, икки фермер ва бир маҳалла оқсоқолини ариқдаги совуқ сувга тушириб, таҳқирлаган эди.​