АҚШ томонидан Эрон қўмондонининг ўлдирилгани дунё бўйлаб хавотирларга сабаб бўлди

3 январь куни Инқилоб посбонларининг хорижий давлатлар ҳудудидаги махсус амалиётлар учун масъул бўлган “Қудс” сара кучлар бўлинмаси раҳбари генерал Қосим Сулаймоний АҚШ ҳарбийлари амалга оширган ҳужумда ҳалок бўлди.

Ироқда АҚШ томонидан Эрондаги Инқилоб посбонлари генералининг ўлдирилиши юзасидан хориж давлатлари жиддий хавотир изҳор қилди.

3 январь куни Инқилоб посбонларининг хорижий давлатлар ҳудудидаги махсус амалиётлар учун масъул бўлган “Қудс” сара кучлар бўлинмаси раҳбари генерал Қосим Сулаймоний АҚШ ҳарбийлари амалга оширган ҳужумда ҳалок бўлди.

Сулаймоний билан биргаликда Эрон томонидан дастакланаётган қуролли гуруҳ бўлмиш Халқ сафарбарлиги кучлари қўмондонининг ўринбосари Абу Маҳдий ал-Муҳандис ҳам ўлдирилган.

Теҳрон АҚШга муносиб жавоб қайтаришини айтиб, таҳдид солмоқда.

Россия ва Хитой зиддиятларни ҳал этишда ҳарбий чора кўришдан сақланишга чорлади. Пекин халқаро алоқаларда куч ишлатилишини кескин қоралаб, АҚШни Ироқ суверенитети ва ҳудудий бирлигини ҳурмат қилишга чорлади.

Россия эса Сулаймонийнинг ўлдирилганини “бемулоҳаза” ҳаракат ўлароқ баҳолади.

Франция президенти Эммануэль Макрон икки давлат етакчилари билан музокара олиб боришини эълон қилди.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Домоник Рааб эса тарафларни вазият янада кескинлашишига йўл қўймасликка чорлади.

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ядровий дастури бўйича Теҳрон ва қудратли давлатлар ўртасидаги эришилган келишувдан чиқиб, Эронга қарши санкция жорий қила бошлаганидан бери икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин таранглашди. Трамп маъмурияти Теҳронни террорчиларни қўллашда, минтақадаги вазиятни кескинлаштиришда ҳамда ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринишда айблаб, мамлакатда иқтисодий ва сиёсий босимни кучайтиришга курашиб келади.