Андижонлик блогер Абдуфатто Нуритдиновнинг (Отабек Нуритдинов) қамоққа олиниши билан боғлиқ вазият туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум этиш нормасини тезроқ бекор қилиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Бу фикрни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов билдирди.
Айни пайтда АОКА раҳбари у раҳбарлик қилаётган ташкилот фуқаро Абдуфатто Нуритдинов билан боғлиқ суд қарорига таъсир кўрсатишга ҳақли эмаслигини қайд этиб ўтди.
«Айбдор томон суд қароридан норози бўлса, кассация тартибида юқори турувчи суд инстанциясига мурожаат қилиши мумкин», - деб ёзди Алламжонов
Декабрда президент Шавкат Мирзиёев ўз қарори билан туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган нормани бекор қилиш масаласини ишлаб чиқиш тўғрисида топшириқ берган эди. Мазкур қарор қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан олқишланган.
Абдуфатто Нуритдинов туҳмат, ҳақорат ва майда безорилик айблари билан жаримага тортилиб, 15 суткага қамоққа олинган эди. Унинг устидан Андижон вилоятининг Асака тумани ҳокими, тумандаги мактаблар директорлари ва вилоят ХТБ бошлиғи шикоят қилган. Бундан ташқари, туман сув таъминоти корхонаси раҳбари Боҳодир Қаххоров ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, 30 декабрь куни соат 10:30 атрофида жамоатчилик олдида номаъқул сўзлар билан уни ҳақорат қилган Нуритдиновга нисбатан чоралар кўришни сўраган.
Суд шу куни қарор чиқарди. Жазони ўташ муддати 30 декабрь куни соат 19: 45дан бошлаб ҳисобланади, деб аниқлик киритди «Газета.uz»га Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.