Эрон жанубидаги Аҳваз шаҳрида ўлдирилган “Қудс” махсус қўшини қўмондони Қосим Сулаймонийга ҳурмат бажо келтириш учун ўн минглаб киши йиғилди.
У икки кун олдин қўшни Ироққа сафар қилаётган пайт АҚШ ҳаво ҳужуми пайтида ҳалок бўлган эди.
Давлат телевидениеси 5 январда қўмондонга ҳурмат бажо келтириш маросимини жонли тарзда кўрсатди. Маросимда қора кийиб олган кишилар Сулаймонийни хотирлаш учун кўкрагига муштлаб, маросим қўшиқларини айтди.
Саркарданинг жасади Эронга тонг қоронғисида олиб келинди.
62 яшар Сулаймоний “Қудс” махсус қўшини қўмондони сифатида Теҳроннинг чет эллардаги ҳарбий амалиётларини ташкил қилишда ёрдам бериб келаётган эди.
Қаттиққўл сиёсат тарафдори бўлган Ислом инқилоби соқчилари корпусининг (ИИСК) чет элдаги бўлинмаси бўлган “Қудс” қўшинини Қўшма Штатлар чет эл террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритган.
Сулаймоний 3 январь куни эрта тонгда Ироқдаги Эрон қўллаб-қувватлаётган жангарилар ташкилоти аъзолари ҳамроҳлигида Бағдод аэропортидан жўнаб кетаётган пайт АҚШ ҳаво ҳужумига учраганди.
Бу Вашингтон билан Эрон ўртасидаги таранглашиб улгурган муносабатларни янада кескинлаштириб юборди.
Сулаймонийнинг жасади 7 январда туғилиб ўсган шаҳри Карманда дафн этилади. Ундан аввал эса муқаддас шаҳар саналган Машҳад, сўнгра Теҳронга олиб борилади.