Бозорлар устав капиталида ҳокимият органларининг мажбурий иштироки бекор қилиниши мумкин

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистондаги бозор ва савдо комплексларида товарлар савдосини ташкил қилиш ва уларни бошқариш бугунги кундаги самарали бошқарув тизимини жорий қилиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар талабларига жавоб бермаслиги натижасида, бозор ва савдо комплекслари фаолиятида тизимли муаммолар ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг “Бозор ва савдо комплекслари фаолиятини янада такомиллаштириш ва улардаги давлат иштирокини қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида айтилади.

Лойиҳада тизимли муаммолар сифатида қуйидагилар саналган:

биринчидан, бозор ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари устун улушларга эга эканлиги ва амалдаги солиқ тизими бозор ва савдо комплексларида савдо фаолиятини ташкил этишда рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда ушбу соҳага инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилмоқда;

иккинчидан, бозор ва савдо комплексларидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари улушларини бошқаришнинг самарали тизими жорий этилмаган;

учинчидан, бозор ва савдо комплексларнинг фаолият самарадорлиги паст даражада, уларнинг кўпчилиги сўнги ўн йилда бирон марта давлатга дивиденд тўламаган;

тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгаларининг тўғридан-тўғри бозорларга кириши учун тенг шароитлар яратилмаган.

Қарор лойиҳасида белгиланган тартибга кўра, қуйидагиларни амалга ошириш кўзда тутилган:

бозор ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки бекор қилинади;

ердан фойдаланиш ҳуқуқи ҳисобига бозор ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улушини шакллантириш амалиёти бекор қилинади;

бозор ва савдо комплекслари устав капиталидаги давлат улушлари, акциядорлик жамиятларида битта акция – битта лот, масъулияти чекланган жамиятларда 0,1 фоиз – битта лот асосида очиқ савдоларга чиқарилади;

бозор ва савдо комплекслари 2020 йил 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган умумбелгиланган солиқларни тўловчи сифатида эътироф этилади.

Лойиҳа муҳокамаси 19 январгача давом этади.