Эрон олий раҳбари ўлдирилган генерал билан видолашиш маросимида қатнашди

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий генерал Қосим Сулаймонийнинг жаноза намозида.

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ ҳужуми ортидан Ироқда ҳалок бўлган генерал Қосим Сулаймоний билан видолашиш маросимида қатнашди. Пойтахт Теҳронда Сулаймонийга ҳурмат бажо келтириш учун ўн минглаб киши йиғилди.

Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси таркибидаги “Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони бўлган Сулаймоний 3 январь куни Бағдодда АҚШ дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган эди.

Унинг жасади туғилиб ўсган Кермон шаҳрига олиб кетилар экан, Эроннинг бир қатор шаҳарларида у билан видолашиш маросимлари бўлиб ўтди.

Хабарларга кўра, Сулаймонийнинг жасади 7 январь куни дафн этилади.

Теҳрон генерал ўлими ортидан АҚШдан ўч олишни ваъда қилди. АҚШ президенти Дональд Трамп эса, ўз навбатида, Теҳрон ҳужумга ўтса, Вашингтон Эрондаги 52 объектга зарба беришини айтиб, таҳдид солди.