Ўзбек чегарачилари қирғизистонликларнинг ярим мингдан зиёд қўй-эчкисини қайтариб беришди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон чегарачилари ўзлари томонидан ҳайдаб кетилган 520 бош қўй-эчкини қирғизистонлик эгаларига қайтариб беришди. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизматининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.

Жорий йил 6 январида Ўзбекистоннинг Наманган ҳамда Қирғизистон Жалолобод вилоятлари ўртасидаги давлат чегарасининг хатланмаган участкасида қирғиз фуқаролари ва ўзбек чегарачилари ўртасида жанжал чиққан. Бунга қирғизистонликларга қарашли қўй-эчкилар чегаранинг аниқланмаган участкасига ўтиб кетганидан сўнг ўзбек чегарачилари уларни олиб қўйгани сабаб бўлган. Ҳодиса чоғида ўзбек чегарачилари осмонга қарата икки марта ўқ узган, бироқ ҳеч ким жабр кўрган эмас.

Қирғизистон Чегара хизматига кўра, ҳодиса ортидан икки давлат расмийлари учрашиб, низони бартараф қилишган, ўзбек чегарачилари қўй-эчкиларни қайтарган, чорва эгалари эса қўшни давлат ҳарбийларига эътирози йўқлигини билдирган ва айни пайтда чегарадаги вазият барқарор.

Ўзбекистон томони ҳали бу воқеа юзасидан бирор изоҳ берганича йўқ.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегара 1378 километрга узанган бўлиб, маълумотларга кўра, ҳозиргача унинг 85 фоизини аниқланган.