Умра зиёратини адо этиш нияти билан йўлга чиққан 80 ёшли ўзбекистонлик Жидда аэропортида ташлаб кетилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 3 январь куни бу ҳақда ижтимоий тармоқларда маълумот тарқалганидан кейин Жиддадаги Бош консулхона ходимлари шу куннинг ўзида алданган оқсоқол билан алоқа ўрнатиб, унга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатган.
“А.Х. сўзларига кўра, у маълум миқдордаги пул эвазига маълум одамлар билан Саудия Арабистонига Умра зиёрати учун сафар ташкиллаштириш, хусусан меҳмонхона, овқатланиш, доимий кузатув хизмати харажатларини қоплашга келишиб олган. Аммо 1 январь куни Бишкек ва Истанбул орқали Жидда шаҳри аэропортига келганида, ваъда қилинганига қарамай, уни ҳеч ким кутиб олмаган”, дейилади ТИВ хабарномасида.
Бош консулхона маълумотига кўра, ўзбекистонлик дипломатлар ёрдамида меҳмонхонага жойлаштирилган зиёратчи ҳозирда Умра амалларини адо этмоқда.