Эронлик генерал ўлдирилганидан сўнг нефть ва олтин қимматлади

Иллюстратив сурат.

Эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилганидан сўнг Яқин Шарқда юзага келган беқарорлик қабатида нефть ва олтин қимматлади. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар қилади.

Олтин сўнгги олти йил ичида максимум даражада қимматлаб, бир унцияси 1576.85 долларга чиққан. Brent маркали нефтнинг бир баррели 70 долларга кўтарилган.

Инқилоб посбонлари корпуси таркибидаги “Қудс” сара бўлинмаси қўмондони бўлмиш генерал Қосим Сулаймоний Бағдод аэропорти яқинида дрондан берилган зарба оқибатида 3 январь куни ўлдирилганди. Ҳужум АҚШ президенти Дональд Трамп буйруғига кўра амалга оширилган. Пентагон иддаосича, Эрон генерали Ироқдаги америкалик дипломатлар ва ҳарбий хизматчиларга ҳужум режасини ишлаб чиқаётган бўлган.

Сулаймонийнинг ўлими минтақадаги вазиятни кескинлаштириб юборди. Ироқ парламенти мамлакатдан хорижий давлатлар қўшинларининг олиб чиқиб кетилишини талаб қилди. Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳужумни “террорчилик акти” дея баҳолаб, "бу Америка учун қимматга тушажаги”ни ваъда қилди.