Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари, жамоат арбоблари ҳамда АҚШ Конгресси аъзолари ўнлаб эронлик ва таги эронлик америкаликлар дам олиш кунлари АҚШ-Канада чегарасида соатлаб ушлаб турилгани ва сўроқ қилингани ҳақидаги хабарларни кўриб чиқишга чақирмоқда.
“Америка-Ислом алоқалари кенгаши” ташкилотининг Вашингтон штатидаги бўлимининг маълум қилишича, 60 дан ошиқ эронлик америкалик чегарада 10 соат ёки ундан ҳам кўп ушлаб турилган, сиёсий қарашлари ҳақида сўроқ қилинган. Шунингдек, бу муддат давомида уларнинг шахсий буюмларини мусодара қилинган.
Сўроқ қилинганларнинг аксари Канадада бўлиб ўтган концертдан АҚШга қайтаётган, айримлар эса қариндош-уруғлари билан кўришиш ва чанғи учиш учун Канадага борган бўлган.
“Миллий Эрон Америка кенгаши” ташкилоти вазиятни назорат қилаётганини, ушбу ҳолат юзасидан АҚШ Миллий хавфсизлик вазирлигига расмий шикоят юборганини маълум қилди.
Таги эронлик америкаликларнинг сўроқ қилингани ҳақидаги хабарлар ўтган ҳафтада АҚШ томонидан Эрон генерали Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши ортидан Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги танглик кучаяётган фонда тарқалди.