АҚШ томонидан ўлдирилган Эрон генералининг дафн маросимида камида 40 одам ҳалок бўлди (ВИДЕО)

Кермон шаҳрида генерал Қосим Сулаймонийнинг дафн маросими.

Эроннинг Кермон шаҳрида генерал Қосим Сулаймонийнинг дафн маросимида юзага келган тиқинда камида 40 одам ҳалок бўлди, яна 200 одам жароҳатланди. Бу ҳақда Эрон ахборот агентликлари маълум қилди.

Сулаймонийнинг дафн маросими 7 январь куни ўтказилди. Тиқин унинг тобутини қабристонга олиб кетишаётган пайтда юз берди. Унда минглаб одамлар иштирок этган.

Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси таркибидаги “Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони бўлган Сулаймоний 3 январь куни Бағдодда АҚШ дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган эди.

Унинг жасади туғилиб ўсган Кермон шаҳрига олиб кетилар экан, Эроннинг турли шаҳрида у билан видолашиш маросимлари бўлиб ўтди.

Пойтахт Теҳронда Сулаймоний билан видолашиш маросимида оятуллоҳ Али Хоманаий ва — Эрон ҳукумати маълумотига кўра — миллионлаб одам қатнашди.

Вашингтон Сулаймонийни Америка ҳарбийларини ўлдиришда ҳамда янги ҳужумларни режалаштиришда айблаб келади.