Эрон АҚШнинг Ироқдаги икки базасини нишонга олди

Ироқдаги АҚШ базасига берилган ракета зарбаси.

Сешанба (7 январь) оқшомида Эрон Ироқдаги икки ҳарбий базага ракета зарбаси берди. Мазкур базаларда “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши амалиётлар олиб борган америкалик ҳарбийлар бўлган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, Ироқдаги ал-Асад ва Эрбил базаларига ўндан зиёд баллистик ракета отилган. Етказилган талафот ҳали тўла таҳлил этиб чиқилмаганини билдирган Пентагон бу ердаги америкалик ҳарбийлар, ҳамкор ва иттифоқчилар ҳимояси учун барча зарурий чоралар кўрилишини урғулаган.

Аввалроқ Эрон инқилоб посбонлари корпуси вакили мазкур ракета зарбаларининг АҚШ ҳаво амалиёти натижасида ҳалок бўлган Қосим Сулаймоний ўлими учун “аёвсиз қасос”нинг ибтидоси эканини билдирганди. Қўшма Штатлар вакилларига кўра, эронлик генерал Сулаймоний АҚШнинг минтақадаги объектларига уюштирилган кўплаб ҳужумлар ҳамда янги ҳужум режаларининг ҳозирланиши учун масъул бўлган.

АҚШ президенти Дональд Трамп сешанба куни Оқ уйда ўз маслаҳатчилари билан Эрон атрофидаги вазиятни муҳокама қилган. АҚШ матбуотига кўра, разведка хизматлари кун давомида Эрон АҚШнинг Ироқдаги ва минтақанинг бошқа давлатларидаги базаларига албатта ҳужум уюштириши ҳақида огоҳлантирганлар.

Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси Твиттердаги ўз саҳифасида Америка ва дунё уруш бошланишига йўл қўя олмаслигини таъкидлаган. “Биз Трамп маъмуриятидан кераксиз провокацияларни бас қилиш ҳамда Эрондан зўравонликни тўхтатишни талаб қилиш баробарида ўз ҳарбийларимиз хавфсизлигини таъминлашимиз лозим”, деб ёзди Пелоси.

Ҳужум хабари ортидан Brent маркали нефть нархи 4 фоизга қимматлади, АҚШ бозоридаги нефть нархи эса 3 фоизга ошди. Осиё фонд биржаларида эса акциялар нархи кескин пасайиб кетди.