7 январь куни Россия президенти Владимир Путин Истанбулга етиб борди. Кремль тарқатган маълумотга кўра, Россия президенти 8 январь куни TurkStream табиий газ қувури очилишида қатнашади.
Очилиш маросимида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эодўғон ҳам иштирок этади.
Россиядан Қора денгиз орқали Туркияга ўтказилган газ қувурини ётқизиш ишлари 5 йил олдин бошланган эди. Қиймати деярли 8 миллиард доллар эканлиги айтилаётган қувур орқали Россия Туркияга йилига 31,5 миллиард метр куб газ етказиб беради. Бу газнинг камида ярмини Европа бозорига, хусусан, Болгария, Сербия ва Венгрияга чиқариш режалаштирилмоқда.
Россия TurkStream ва бошқа қувурлар орқали Украина орқали газ сотиш кўламини озайтирмоқчи. Шу сабаб Nord Stream 1 ва Nord Stream 2 қувурлари ҳам ётқизиш ишлари бошланган. Сув остига ётқизилаётган иккала линия орқали Германияга газ юборилади.
Россия ўтган йилда Европага умумий ҳисобда 200 миллиард куб метр газ сотган. Ҳозирги кунда Украина, Молдова ва Руминия орқали юборилаётган газ келажакда Европа бозорига TurkStream орқали етказиб берилади.