ИИВ-ДХХ Тошкентда “Жиҳодчилар” экстремистик оқими аъзоларини ушлади

Иллюстратив сурат.

Тошкент шаҳрида ИИВ-ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда 7 январь куни ўтказилган тадбирлар натижасида республикада фаолияти таъқиқланган “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқимининг бир гуруҳ аъзоси қўлга олинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси маълумот тарқатди.

ИИВ иддаосига кўра, “ушбу шахслар Ўзбекистон ҳудудида Сурияда паноҳ топган террористик уюшма аъзоларининг топшириқларини бажариб келишган ва аҳоли орасида қонунга хилоф равишда тарғибот олиб бориб, “Жиҳодчилар” ДЭО ғояларини тарқатганлар ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлар”.

Қайд этилишича, ушланган шахсларда экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланган ва процессуал тартибда олиб қўйилган.

“Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади ИИВ хабарномасида.

Аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида ишлайдиган¸ лавозимида матбуотга гапириш ҳуқуқи бўлмагани учун исми тутилишини сўраган мулозим Озодликка "икки йиллик танаффусдан кейин судлар яна диний айблов билан боғлиқ ишларни кўра бошлаган"ини маълум қилганди.

Бу ҳаракат Ўзбекистон президентининг 2019 йил 4 сентябрь куни 4437м сони билан расмийлаштирилган махфий қарори чиққанидан кейин бошланиб кетган.