Эрон 8 январь тонгида Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини ракета уриб туширганини кескин рад этмоқда.
Эрон фуқаровий авиацияси етакчиси Али Обидзода:
- Бир нарса аниқ: бу учоқни ракета уриб туширгани йўқ, — деди.
Бу орада АҚШ, Британия, Канада разведка хизматлари учоқ Эрон ҳаво мудофаасининг жиддий хатоси натижасида уриб туширилганини айтмоқда.
Обидзоданинг билдирувидан бир неча соат олдин Теҳрон Украина терговчиларини ҳалокат жойига киритгани хабар қилинган эди.
Украина президенти Володимир Зеленский маъмурияти ҳалок бўлганлар жасадларини аниқлаш учун уларнинг қариндошларидан ДНК намуналари олинаётганини маълум қилди.
Авиаҳалокат чоғида учоқдаги 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзосининг ҳаммаси нобуд бўлган. Учоқда Эроннинг 82, Канаданинг 63, Украинанинг 11 фуқароси, шунингдек, Швеция, Германия, Афғонистон ва Британия фуқаролари бўлган.
10 январь куни Эрон АҚШ Транспорт хавфсизлиги бўйича миллий кенгаши (NTSB) ҳамда Boeing ширкатини терговда қатнашишга чорлагани хабар қилинди.