Трампга қарши импичмент жараёни марказида бўлган украин ширкатига рус ҳакерлари ҳужум қилди

Россия ҳарбий разведкаси (ГРУ) ҳакерлари АҚШ президенти Дональд Трампга қарши импичмент тергови марказидаги украин энергетика ширкатига ҳужум қилган. Бу ҳақда қароргоҳи Калифорнияда жойлашган Area 1 Security гуруҳи маълум қилди.

Гуруҳнинг 13 январь куни эълон қилинган ҳисоботида Burisma Holdings украин ширкатига қилинган ҳужумда ширкат ишчиларнинг электрон адреслари ўғирлангани айтилади. Аммо ҳакерлар яна қандай маълумотни қўлга киритгани ҳозирча номаълум.

АҚШ президентлигига демократлар партиясидан етакчи номзод Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байден 2014 йилдан 2019 йилгача Burisma Holdings директорлар кенгаши аъзоси бўлган.

Трамп ўтган йилнинг июль ойида Украина президенти Володомир Зеленскийдан Байденлар қўл урган ҳамда Burisma Holdings ширкатида содир бўлган қонунбузарликлар ҳақидаги иддаоларни тергов қилишга чорлаган.

Сентябрь ойида ушбу ҳаракати билан Трамп хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда гумонланиб, унга қарши импичмент суриштируви бошланди.

АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси 18 декабрь куни президентга импичмент эълон қилди.

14 январь куни импичмент иши Сенатга оширилади ва Сенат Трампни лавозимидан четлатиш масаласини кўриб чиқади.