Facebook ижтимоий тармоғи орқали Отабек Нуритдинов тахаллуси остида ижтимоий-сиёсий воқеаларга муносабат билдириб келган блогер Абдуфатто Нуритдинов 14 январь оқшомида озодликка чиқди. Бу ҳақда Газета.уз нашри блогернинг адвокати Умидбек Давлатовдан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар тарқатди.
Адвокатга кўра, Нуритдинов ҳибсдан озод бўлиши билан кўзи ёриган рафиқаси ва янги туғилган чақалоғини кўриш учун туғруқхонага йўл олган.
Андижонлик блогер маҳаллий мулозимлар шикояти асосида ўтган йил 30 декабрь куни вилоят маъмурий суди томонидан 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
Расмий маълумотларда айтилишича, Абдуфатто Нуритдинов туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбдор, деб топилган. Бундан ташқари блогерга БҲМнинг 60 баробари миқдорида жарима ҳам солинган. Блогер ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган.
Ўзини таништиришни истамаган манбанинг айтишича: “Нуритдинов асосан Андижон вилояти ва Асака тумани хокимлик вакилларининг бюджет пулларини талон-торож қилишларини аёвсиз ёритиб келган”.
Андижон вилоят маъмурий суди 4 январь куни Нуритдиновнинг кассация тартибида берган шикоятини рад қилиб, қаноатлантирилмасдан қолдириш ва Андижон вилоят маъмурий суди томонидан 2019 йил 30 декабрдаги унга нисбатан чиқарилган қарорни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилганди.